«Наҳот бир кун кўз юмиб кетсам...»
12 декабръ 1996 йил
Наҳот бир кун кўз юмиб кетсам,Шу сеҳрга тўла дунёдан?Балки тугар айтажак қиссам,Ё узилар ярмига бормай.Хали қисмат ҳукмидан ғофилСоҳилидан айрилган кемаКаби ўчиб борарми ёдимБемаломат, бесўз... Сўнг янаКузлар келар, календариданМен туғилган кунни ўчирмай;Менга эртак айтган субҳидамДеразамга қўнар чўчимай.Оқшомлари очиқ осмонданШудринглар сир айтиб тўкилар.Огоҳ каби олий пайғомданОчаверар фолин жўгилар...Менсиз яшар, жўшарми оламҚилча бузмай сокин маромин?Бу ҳукмда йўқдай адолатТашлаб кетгим келмас дунёни...У, одамзот, Сенга салламно,Ҳар армонга топгансан маъни:Бошқа ҳаёт бор, бошқа дунё,Ўлим - оддий чизиқдир. ЯъниКўкламнинг ҳур варракларидаБалки синмас шиддатим қолар;Борса-келмас эртакларидаМенинг тоза бидъатим қолар.Балки менинг ғўр қўшиқларимКапалакдай юргайлар учиб;Тилсимларга ўч Руҳ ҳам, балкимЮлдузларга ўтгайдир кўчиб?!Шундай, ўчиб кетмас одамзотБеном, беиз, бенишон, бегап.Бошқа дунё бор, бошқа ҳаёт,Ўлим - оддий чизиқлиги ҳақ.Лекин, одам,Ал-абад сирсан.На-да тангринг, на ўзинг билмас.Ахир, менинг..нечун...бўлмасам,Ул чизиқдан ҳатлагим келмас?