ЖАЗО
Бепоён яланглик. Одам Ота юзтубан ерни қучоқлаб ётибди. Худди чормихлангандай қўлу оёқлари керилган. Беҳуш. Шамол қулоқлари остида шувиллайди... Дафъатан осмонни булут қоплаб, бир-икки томчи ёмғир Одам Отанинг бўйнига келиб тушади. Одам Ота сесканиб ҳушига кела бошлайди.
Одам Ота
Бошини кўтарар.
Қайдаман?Бу не ер?Ўнгимми шу ҳол?Шу менинг масканим – жаннатми?НечунБу ранглар...Бу саслар...Бу ҳидлар... малолМалол солаётир руҳимга бутун?
Бошини баландроқ кўтариб ён-верига қарар.
Йўқ! Йўқ!! Йўқ!!!Ўхшамас беҳиштга зинҳор!Бегона!Еттиёт бу макон, бу кент!
Бирдан ҳушёрланар.
Истиғфор!Истиғфор!!Яна истиғфор!!!Ахир, шуларнинг ҳам Бинокори – Сен!
Янада ҳушёрланар.
Истиғфор дедимми? Истиғфор?! Нечун?
Бирдан бир нарсани эслагандай бошини чангаллар.
О, энди аёндир бу ҳолнинг сири –Этилмадимми мен жаннатдан қувғинБир лаҳзами... ёки минг йил илгари?!
Бир ҳовуч тупроқни олиб алам билан эзғилайди.
Шу лойдан, тупроқдан яратди Эгам,Руҳ берди, онг берди, кўзларимга нур.Бори малакларин – нурдан яралганПойимга саждага эгдирган ҳам Ул!У мени энг гўзал мавжудот этибШарафга, севгига, меҳрга кўмди...Мен Уни танидим, тағин аҳд этибАмрингдаман, дедим мангуга эмди.
Бошини қуйи солар, кўзларидан важирлаб ёшлар тўка берар.
О, Одам... аҳд этдинг. Сўз бердинг...ТағинФармонингдаман деб қасамлар ичдинг.Истади: Мангулик дарахтин ширинМевасин емакдан мангуга кечдинг.Кечдинг...Кечдим дединг!Кечган эдинг-ку!Ва яна қўйдинг-ку хатарли қадам –Нафсинг черик тортиб солганда қутқуСўзни ҳам, Уни ҳам унутдинг, Одам...Қандай лаҳза экан билмам у лаҳза –Тақиқ олмасидан татиб кўрганим,Вужудми, кўнгилга тушиб бир ларзаДилдан бебурдликка ўрин берганим?!
Кўзларини юмар.
Яланғоч... шармисор... нотавон... лаин...
Бир нарсани эслагандай пешанаси тиришар.
Ичдами, ташдами қўпди бир ғовур:
Овоз
Бадбахт бўлдинг, Одам!Осийсан!Хоин!Бадбахт бўлдинг токим маҳшарга довур!Раббано!Ҳайдагил буни жаннатдан!Бу – кечириб бўлмас оғир жиноят.Маҳрум эт ҳимматдан ва мағфиратдан –Истиғфор сўрса ҳам қилма иноят!
Кучли шамол эсар. Момо Ҳаввонинг оҳ-ноласини олиб келар.
Момо Ҳаввонинг овози
Қайдаман?Бу не ер?Ўнгимми шу ҳол?Бу менинг масканим – жаннатми?НечунБу ранглар...Бу саслар...Бу ҳидлар... малолМалол солаётир руҳимга бутун?
Одам Ота
Овоз келган томонга қараб.
Ё Ҳавво!Сендан ҳам тушдимми айро?Қайдасан вужуд... йўқ, кўнгил парчаси?!
Момо Ҳаввонинг овози
Мен – бунда... қандайдир танқайган саҳро.Ёнаётир не жон бўлса – барчаси.Мени-чи, ёқмоқда бу ногоҳ ҳижрон,Қайдасан, паноҳим, англатгил, ахир.Англатгил, бу не ҳол, бу қандай макон?
Одам Ота
Мен ҳозир бораман.Кетяпман...Ҳозир...
Одам Ота ўрнидан туради. Ўз аҳволига қараб йиғлаб юборади.
Одам Ота
О, яна бу не шўр?Бу қандай малол –Уятни ёполган биргина япроқТескари айлангач бу чархи давворТарк этса шарманда вужудни...Эйвоҳ!Эй вужуд!Адо бўл, ёнғил ва кул бўл!Янчилгил, парчалан, чири, увалан!Бу, ахир, дард эмас, чипқонмас, носурТо рўзи қиёмат битмас бу алам!
Шамол яна Момо Ҳаввонинг овозини олиб келади.
Момо Ҳаввонинг овози
Одам, не деяпсан?
Одам Ота
Ҳавво! Азизим!Содир бўлди, ахир, тарихий гуноҳ –Сен эмасми менга тақиқ мевасинЕдирган?
Момо Ҳаввонинг овози
Оҳ, энди эсладим...Эйвоҳ...Мангулик дарахти... сонсиз шохалар...Мевалар – туяқуш тухмидай улкан...Сутдай оқ... болдай таъм... хушбўйки, мушкдай...Аввал ўзим едим... кейин сенга ҳам...
Одам Ота
Кулса гул, йиғласа дурлар тўкилганЭй гулиқаҳқаҳим, англатгил буни:Тақиқ олмасига қўл чўздинг нечун,Нега гуноҳ йўлга бошладинг мени?Сен кимнинг макрига учдинг у маҳал,Қай йўсин гумонга қўйдинг Ҳақ сўзин?Бизни шафоатга кўмиб У, фақатСўргани: емаслик тақиқ мевасин.
Момо Ҳаввонинг овози
Балки гуноҳкорман,Балки айбим йўқ –Йилон юрагимга солди ғулғула.Йилонни биласан: жаннатда бор-йўқМавжудотни бизга танитган.Хуллас,Ўшал кун сўрди у:«Ҳақ сенга нечунМангулик мевасин ман этган?ҚаниАйт-чи, билурмисан?»Мен эса тайинЙўқ, дедим.Билмасдим чиндан-да буни.Қаҳ-қаҳ уриб кулиб, дедики Йилон:«Кимки ул мевадан этса тановулМангу яшар, Ҳавво, сўзимга ишон,Ишонмасанг, дарахт тагига борғил».Мен бордим.У ерда сиймтан бир малакТурарди.Мен сўрдим: "Махлуқсан нечук?"Ул дедики: «Қанча замон аввал ҲақЯратганди мени шуъладан.Ва лекМан этди емакни ушбу мевадан,Мен унинг сўзига солмадим қулоқ.Яшаяпман мангу, кўриб турибсан,Тушганим ҳам йўқдир жаннатдан йироқБўлган гап бориси – мана шу.Тамом.Мевалардан уздим шундан сўнг...Бору йўқ гуноҳим, ёзуғим, хатом –Гапига кирганим малъун Йилоннинг.
Кучли шамол тескари томонга эсиб, Момо Ҳаввонинг гапини ортиқ эшиттирмай қўяди. Ёмғир кучая бошлайди. Одам Ота қўлида таёқ, дабдираб Момо Ҳаввонинг овози келган томонга интилади.
Одам Ота
Ҳаввонинг жонфизо овозин нечунТескари томонга ҳайдайсан, шамол?Етмасми шу ажр, шу азоб, кўрим,Етмасми шу афсус, шу ўкинч, завол...Қани жаннатдаги Одам... қани ишқ...Ким эдим – ким бўлдим?Гуноҳкор кимдир?
Кўксига урар.
Бул надир? Юракми – мустазъиф, куйик,Ё афсус дарахти ўсгувчи адир?Шунчалар ожизми эрди диёнат,Шунчалар ожизми эрдинг, эй кўнгил?Қани аҳд?Қани шаън?Қани маҳобат?Қачон тушган эди сенга бу жоҳ – ғул?Қўй мени, эй шамол, ўз ҳолимга қўй,Кўзёшларим артиб, юпатма ҳеч ҳам.Қани ишқ,Қани Ёр – қани ул Гулрўй?Бу ҳолимга минг йил йиғласам ҳам кам...
Шу аснода Одам Отанинг олдидан йўрмалаб Йилон чиқиб қолади.
Одам Ота
Ҳа, баттол, қўлимга тушдинг айни дам,Бадарға бўлишлик бош сабабкори!Не учун Ҳаввони алдадинг?
Йилон
Одам,Ўзинг ажрим айла, сўйлайин борин:Сенга кундай аён: мен ҳам сенингдекФуқароси эдим жаннатнинг у дам.Балки гуноҳкорман, балки айбим йўқ,Ўшал кун Товусга алдандим мен ҳам.Эмишки, абадий яшамоқ сиринПинҳон этганмиш У учта сўзга, бас,Кимки билса ўшал уч сўзни,ТайинКасалланмас, ўлмас ҳамда қаримас!Эмишки, кимарса – шу сўзни билгичЖаннатнинг қопқаси олдида кутар.Шарти бор – беҳиштга олиб кирса кимЎшал уч сеҳрли сўзни ўргатар.
Одам Ота
Хўш, унда Товуснинг ўзи-чи, ўзиБўлмасмиди олиб кирса кимсани?
Йилон
Жаннат посбони дан шунчалар ўлибҚўрқар эмиш.
Одам Ота
Майли, давом эт қани.
Йилон
Хуллас, чиқсам, эшик олдида ғоятФасон, кўрклик тева турибди маҳтал.Сўзга ҳам хўп чечан, сермулозамат,Барини ўзича қилиб қўйган ҳал:"Йўли бор, қўрқмагил, деди, Ризвондан",Кўнглимни ойнада кўриб тургандай."Тишинг ковагига жойлашиб, сенданГап сўрса, мана мен – жавобига шай!"
Одам Ота
Хўш, ўшал уч сўзни айтдими кейин?
Йилон
Одамнинг олдига элт, деди, аввал.Кавсар ҳовузига кетганмишсан сен.Ҳаввога йўлиқдик икков шу маҳал.Хулоса: Ҳаввонинг кўнглига ғулуСолган мен эмасман куфр гап билан.Оғзимга бемалол жойлашиб олибУл тева сўйлади менинг номимдан.
Одам Ота
Ҳавво-чи?
Йилон
У мендан ранжиди бироз.Билгичсан, доносан, Йилонсан, деди.Нечун англатмадинг бу сирни, иллоАввалроқ албатта билғонсан, деди.
Одам Ота
Ҳақ гапни айтибди...
Йилон
Туравердим жим.Эшитмайин дея Ризвон койишин.Ва яна кўксимни ёқарди сим-симСеҳрли уч сўзни билмоқ хоҳиши.
Одам Ота
Хўш, кейин айтдими?
Йилон
Гўлмен, соддамен,Шартни эслатаман дегунча туяЙўқолди учта сўз нарёқда турсинҲатто хайр-хўшни қилиб насия.
Одам Ота
Демак, сен гуноҳкор эмас?
Йилон
Ложарам,Барига сабабчи – Товус.
Одам Ота
Ҳа, майли,Барибир сенда ҳам, Йилон, бор гинам:Қувғин бўлдик сенми Товус туфайли.
Одам Ота таёғини дукиллатиб кета бошлайди. Кучли шамол яна Момо Ҳаввонинг овозини олиб келади.
Момо Ҳаввонинг овози
Бу ҳижрон йўллари бунчалар узун,Бу азоб, бу кўрим, бу ажр, ё Раб!Юракни айлади зарра-зарра хун,Минг йилки юраман Одамга қараб.Аммо етмоқликнинг имкони йўқми –Қаҳринг ҳам меҳрингдай шунчами улуғ?Бу саҳронинг тугаш замони йўқми –Ахир, аршинг Сенинг ҳимматга тўлуғ?!
Одам Ота
Ҳавво!Жоним Ҳавво!!Юпанчим Ҳавво!!!Шу қадар яқиндай овозинг сенинг,Неча саҳро ошдим, неча тоғ... АммоБу дайдиш билгайдир на ҳудуд, на сўнг.
Момо Ҳаввонинг овози
Одам!
Одам Ота
Ҳавво!
Момо Ҳаввонинг овози
Одам!
Одам Ота
Овунчим Ҳавво!Барибир мен сени топаман, шоядКечирса, истиғфор сўраймиз...
Даҳшатланар.
Оҳ, оҳ!..
Овоз
Истиғфор сўрса ҳам, қилма иноят!
Янада кучли ва ваҳимали шамол эсиб, Ҳаввонинг овозини тескари олиб кетади.
Одам Ота
Ҳаввонинг жонфизо овозин нечунТескари томонга ҳайдайсан, шамол?Етмасми шу ажр, шу азоб, кўрим,Етмасми шу афсус, шу ўкинч, завол?!
Одам Отанинг рўпарасидан таманно ила Товус кела бошлайди.
Одам Ота
Ҳей мужрим, вақтида келиб қолдинг дуч!
Товус
Сўзлагил қараброқ олди-орқангга,Мен сенинг қошингда гуноҳкор нечук?Тушганим ҳам етар кўкдан тубанга.
Одам Ота
Билиб билмасликка олма, эй айёр,Жаннатга киритмоқ истовдинг кимни?Йилоннинг, Ҳаввонинг ва менинг тайёрИссиқ жойимизни совутган сенми?
Товус
Англадим, нимага этдинг ишора,Айтсанг бўлмасмиди дарров урмай дўқ.Ўзим ҳам пушмонман, лекин начора,Балки гуноҳкорман, балки айбим йўқ.
Одам Ота
Бир бошдан батафсил сўйла-чи.
Товус
Ул кунБеҳиштдан ташқари чиқдим бир маҳал.Кимарса турарди – хушрўй, мулойим.Мени кўриб мақтай кетди-ку аввал.Сўнг эса мақсадга кўчди пировард:Малакмиш, бор эмиш битта илинжи –Тангрига ҳамд-сано ўқирмиш, фақатЖаннатни соғиниб йўқолмиш тинчи.Эмишки Биру Бор аҳли жаннатгаНе сир-синоатни кўргандир равоКўргиси, билгиси келармиш яккаш,Рухсат йўқмиш унга киришга аммо.
Одам Ота
Учта сўз билармиш сеҳрли...
Товус
Шошма,Тинглагил гапимни бўлмай бетоқат.Ҳа, деди: "Уч сўзни билган кас, ошна,Касалланмас, ўлмас, қаримас абад".
Одам Ота
Нега сен демадинг...
Товус
Шошма, дедим-ку.«Шусиз ҳам ўлмаслар жаннатнинг аҳли»Десам, қаҳ-қаҳ уриб чандон кулди-ю,Деди: «Товус, сенга келади раҳмим:Бетоб бўлар, қарир ва ўлар ҳамма.Истисно уч сўзни билган ҳар кимса».
Одам Ота
Ишондингми?
Товус
Қасам ичди-да аммо...Ҳатто Тангри номи билан...Алқисса,Ризвондан қўрқдиму унга ЙилонниЙўлладим, ҳарқалай ақлли жонзот.Қолгани ўзингга аён.
Одам Ота
Ҳар ённиЎйлаб кўрсам, сен ҳам айбсизсан... Наҳот?Лекин қизиқ: Йилон эшик олдидаКўрганини тева деди-ёв чоғи...
Ўйланиб қолар.
Товус
Кетатуриб ўзича.
Лекин ёмон бўлди, ёмон-да жуда,Ҳақнинг бизга битди ҳиммат булоғи...
Кетади.
Одам Ота
Ҳа, тева деганди...Қизиқ...Ажабо...Ёки алдадими иккаласи ҳам?Ҳей Товус, тўхтагил, тўхта!
Атрофга аланглар. Шу вақт қаҳ-қаҳ кулги овози янграйди. Одам Отанинг қаршисида Иблис малак қиёфасида пайдо бўлади.
Иблис
Хо-хо-хо!!!Ҳолинг қалай энди, эй азиз Одам?Худонинг эркаси, севимли қули,Ҳолингга маймунлар йиғласин эмди!
Одам Ота
Даҳшатланар.
Сен кимсан?
Иблис
Менми? Ҳа, ҳув ўшал куниТовусни боплаган кимсаман!
Одам Ота
Телбараб.
Раббим!
Иблис бир айланиб тева қиёфасига киради.
Иблис
Теваман!
Одам Ота
Тушимми, ўнгимми бу ҳол?Ё жинни бўлдимми ғам торта-торта?
Иблис
Тушинг эмасдир бу, эмасдир хаёл.Ҳаммаси ҳам эмас ҳали, албатта...
Иблис яна тевадан малак тусига киради.
Иблис
Мангулик дарахти остида ҲаввоКўрган малак бўлдим энди ниҳоят.
Одам Ота
Ҳа, телба бўлибман... Йўқол, эй сароб!Етар шу изтироб, шу кулфат, шу дард!
Иблис
Хо-хо-хо! Айтдим-ку, бу сароб эмас,Бу – ўнгинг.Бу – борлик.Бу – ҳақиқатдир!Бу – Тангри малаклар бошлиғин, хуллас,Иблис мақомига солгандай гапдир.
Яна бир айланиб иблис қиёфасини олади.
Одам Ота
Сен ўша... сен ўша.. Азозил?
Иблис
Хо-хо!Ҳа, менман – оловдан яралган вужуд.Бир пайтлар Тангрига айтиб тасанноТоат-ибодатга шўнғиган нуқул.Лекин сени
қўлини бигиз қилиб
Сени яратди бир кунТупроқдан!Тубандан олинган лойинг!
Ерни тепар.
Эсимда, сен учун яратилган РуҳИчингга тушмакка қўрққани кейин...Эмишки, ичингда зулмат коваклар,Чангалзорлар, ваҳший жонзотлар бисёр.
Одам Ота
Бас! Бас!! Бас!!!
Иблис
Сиғинди сенга малаклар.Лекин мен!..
Одам Ота
Ўзингча кўтардинг исён!?Турқингга қарагин.
Иблис
Ҳа, лаин бўлдим...
Одам Ота
Амрига этмадинг, ахир, итоат.
Иблис
Қара-я! Яланғоч, иштонсиздир кимИштони йиртиққа кулармиш фақат.Ўзинг-чи? Ужмоҳнинг султони эдинг,Амрингга мунтазир неча-нечалар.Тақиқ мевасини не учун единг?
Одам Ота
Тўхта, чоғи тугун энди ечилар.Сен – Иблис, гоҳ малак, гоҳ тева монандБоз қасамлар ичиб Тангри номиданҲаммани алдадинг ҳолинг бўлгач танг...Ҳа, билдим, барига сабаб – сен.Сенсан!
Иблис
Қара-я, гуноҳни гоҳ унга, бунгаТўнкагунча ўйлаб кўрсанг бўларди...
Одам Ота
Сенга қолса, бундан баттарроқ кунгаЙўлиқсам, эҳтимол, кўнглинг тўларди.
Одам Ота ҳомуза тортади.
Иблис
Чарчаган ўхшайсан... Йўл босдингми кўп?
Одам Ота
Саргардон кезаман минг йилдир чоғиСенинг касофатинг, касрингга...Ва лекЙўлдан ҳам ҳоритди виждон қийноғи...
Одам Ота яна ҳомуза тортади. Шуни кутиб турган Иблис лип этиб Одамнинг ичига кириб кетади.
Одам Ота
Ие, нима бўлди?
Ён-верига аланглаб Иблисни ахтарар.
Иблис, ҳой Иблис!Қанисан? Қаёққа бўла қолдинг гум?
Иблис
Одамнинг ичидан
Ичингдаман. Бунда тутинаман дўстРуҳинг қўрққан ўша ваҳшийлар-ла чин.
Одам Ота
Даҳшатга тушиб
Чиқ менинг ичимдан!Чиққил, эй мараз!Маҳрум қилганинг ҳам етар жаннатдан!Шўрлик бир бандага бунчалар ғараз?Менинг айбим нима? Қайси жиҳатдан?
Иблис
Ҳоо! Мени анойи деб ўйлама, ҳоо!Сен – лойдан, мен – нурдан яралган жонман.Сен боис лаънатга учрадим аммо.Сен – ерсан, тубансан!Мен-чи – осмонман!
Одам Ота
Чиқ менинг ичимдан, чиққил, касофат!Бехосият, муртад, ғаразгўй, мурдор!Қайдан ҳам йўлиқдинг ҳароми, офат!Тез чиққил ичимдан! Тез чиқ!! Тез йўқол!!!
Телбаланиб ўзини тўрт томонга урар.
Иблис
Ҳо, мана кўрдингми, ҳалитдан манимНоғорамга ўйнаб миндинг ғазабга.Ҳа, шундай бир умр мен сенга ғаним,Йўллайман изтироб, кулфат, азобга.
Одам Ота
Чиққил, эй лаънати, барибир сенгаИхтиёрим бериб қўймасман ҳеч вақт.Ўтин қаланмоқда ўч гулханигаСочдан то тирноғим қадар айни пайт.
Иблис
Заҳарханда билан
Хоҳласанг ўзингни ўлдир, ёқ, кул қил,Чиқмайман ичингдан, чиқмайман асло!Қонингга қўшилиб оққум муттасилСенинг етмиш икки томиринг аро!
Гулдираб кулар.
Одам Ота
Довдираб, ҳолсизланиб ўтириб қолар
Раббано! Алҳазар!! Бу яна не ҳол!?Бу қандай хатодир, қандай жиноят?Иблисга ичингдан бериб қўйдинг жой,Бир бор адашганинг етарди шояд!О, Одам!Бунчалар авом, соддасан,Тўфони босилмай битта кулфатнингЯна бир одимни эгри отасан,Қани собитлигинг, қани шаън-шаҳдинг?
Даҳшат ила узоқ ўйланиб қолар.
Не учун яратдинг бунча ишқ билан,Ажиб ҳусн санаб салтанатингга?Қани ул кабирлик? Қани донг?Зотан,Арзидимми шунча марҳаматингга?Жой бериб муаззам беҳишт тўридан,Пойимга эгдирдинг малаклар бошин...Қани мушаррафлик? Қани шон?Зотан,Шунча карамингга арзидимми мен?Шунчалар иноят, шунча адолат,Шунчалар мурувват кўрсатдинг магар.Мен кимман? Шуларнинг барин беҳимматБир оғиз луқмага сотган савдогар.Филҳосил, англадим, барига сабабМен ўзим – хиёнат йўлини тутган.Нафс ила диёнат жангида, ё Раб,Ҳақни ҳам, динни ҳам паққос унутган.Иймонга хиёнат, аҳдга хиёнат,Аллоҳга хиёнат – Дўстга хиёнат,Шафоат, муҳаббат – нақдга хиёнат,Ваъдага хиёнат – Сўзга хиёнат...Мен неки йўқотдим, неки йитирдим,Неданки маҳрумман, нега гирифтор –Минг йилки юрагим эрийди сим-сим –Барига ўзимман, ўзим сабабкор!Минг йилки, йиғлайман,бошим хам, кўккаЮз буриб, тик қарай олмайман тўзиб.То маҳшар кўкракни босгувчи юккаМаҳкумман, сабабкор – ўзимман, ўзим!Йиғлагил, эй Одам, гуноҳкор Одам!Юпанма, юпанчга ҳаққи йўқ Одам!Юпанмоқ – ўлимдир, юпанмоқ – адам,Юпанмоқ – яна бир гуноҳдир зотан!
Шу пайт кучли чақмоқ чақиб, еру кўк гумбурлаб ларзага келади. Шаррос ёмғир қуйиб, ваҳимали шамол эсади. Узоқда – ёмғир пардаси ортида Момо Ҳаввонинг гавдаси кўринади. Одам Ота ва Момо Ҳавво бир-бирларига қараб интиладилар.
Одам Ота
Ҳавво!
Момо Ҳавво
Одам!
Одам Ота
Ҳавво!
Тамом.
1992