«ЖАҲОН ТАРИХИ» КИТОБИГА ЁЗУВ
27.01.2002.
Очаман: узун йўл,Оғир ҳикоя,Очиқ яра каби бозиллаган из,Ошиқлар иқболи қолиб бир-биринГўштини ейишдан фол очган юлдуз.Қоннинг исларидан бўғилган отлар,Бегин дуосига қўл очган қуллар,Келинлар қўйнида айш сурган ётлар,Қўлдаги занжирин севган ўғиллар.Истило, истибдод, ҳақорат, миннат..Минг рангда товланган дунёи қўтир;Ва парча шафақдай қоннинг рангидаҲар кун туғилажак бир қасос ўти!Бўғилган муҳаббат, айтилмаган сўз,Қирқилган журъату кесилган исён,Аччиқ фарёдларга тўлиб кетган бўғз,Шуларнинг устига ўрнатилган шон.Энг гажир шоирлар ёқилган гулхан,Хоинлари эса ўлтирган курси..Ва минг бир балою қазо ичиндаГулдай ўстирилган дилдироқ Орзу.Шу гулнинг қасдида минглаб қинларданҚўпган қиличлару чархланган чалғи...Ёпаман:Теграмда меҳрибон Ватан,Ичимда осмондай меҳрибон йиғи...