Асосий қисмга ўтиш
Sheʼrlar

«Боғларни оҳиста оралайди куз...»

30.11.1998.

Боғларни оҳиста оралайди куз,Тиллолар чиқариб сочар қўйнидан.Учириб юбордим наҳот шунча тезЎттиз икки қушни умрим инидан?Алвидолар айтдим, видолар айтдимКўксимда мунғайган қушга неча бор.Ва қанча кўп айтсам, шунча тез қайтдимТаъбири аломат туш кўриб зинҳор.Йиғладим қалдирғоч галалариниХайдаб келар экан биз томон фурсат.Чайқатди гоҳ кўнгил далалариниДўсти содиқ ёқдан эсган маломат.Уфқда жазирлаб куйди саҳарлар,Хаёлларим бўлди маъюсдан-маъюс:Наҳотки, уйғониш шунчалар хатар,Наҳот, куймай туриб уйғониб бўлмас?Нечун шунча кузга қилмадим парво,Нечун хазонларга боқдим музаффар?Уйғониб бўлмасми куртаклар ароТўкилиш рангларин кўрмасанг агар?Куз қўлларин дўстдай кифтимга қўйсаШонамда вижирлаб жилмайди титроқ.Ассалом, оқибат сарғайган майса,Ассалом, тупроққа узалган япроқ.
Кўнгил шеваси · 200624 satr